Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази тўғрисида

Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази (кейинги ўринларда –“Илмий марказ” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3001-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 октябрдаги “Давлат мулки объектларидан самарали ва рационал фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида” 289-сон қарори асосида ташкил этилган.

Илмий марказнинг муассиси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳисобланади. Илмий марказ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташкилий тузилмасига кирувчи аҳоли бандлиги, меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаларида илмий-амалий ишлар, тадқиқотлар, лойиҳалар ва дастурларини амалга оширадиган давлат илмий муассасасидир.

Илмий марказ фаолиятининг мақсади ва асосий йўналишлари

Илмий марказ фаолиятининг асосий мақсади – меҳнат бозори, бандлик, миграция, меҳнатга ҳақ тўлаш ва нормалаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, демографик масалалар ва меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида илмий-амалий ишлар, тадқиқотлар, лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш ҳамда меҳнат органлари тизими ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларнинг малакасини оширишдан иборатдир.

Қуйидагилар илмий марказ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

  • меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • иқтисодий ривожланишнинг устуворликларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат бозори, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
  • демографик жараёнлар ва меҳнат бозорининг истиқболли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
  • бандликнинг янги турдаги кўринишларини жорий этиш ва анъанавий кўринишларини кенгайтириш учун бандлик соҳаларини кенгайтиришга оид методик ва норматив-ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш;
  • меҳнат миграцияси, шу жумладан ички миграция жараёнларини таҳлил қилиш, уларнинг сабабларини илмий асослаш, уни бошқариш ва таъсир кўрсатиш йўллари бўйича тадқиқотлар ўтказиш;
  • ҳудудларни демографик ва иқтисодий ривожлантириш прогнозлари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда вазирликлар, идоралар ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектлар билан ўзаро келишувлар асосида бандлик, миграция, меҳнатни муҳофаза қилиш ва нормалаш масалаларида ҳуқуқий-меъёрий хужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этиш, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тариф-малака маълумотномаларида акс эттирилмаган лавозимлар ва ишларни тариф сеткасининг тегишли разрядларига киритиш масалаларида хўжалик бошқаруви органларига ва бошқа ташкилотларга методик ва амалий ёрдам бериш;
  • меҳнат соҳасидаги ижтимоий-иқтисодий ахборотларни таснифлаш ишларини амалга ошириш, меҳнат меъёрлари ва қоидаларини, шунингдек хизматчиларининг асосий лавозимлари ва касб тариф-малака тавсифномаларини ишлаб чиқиш;
  • ёшлар ва банд бўлмаган аҳолини маъқул кўраётган касб-ҳунарлари ва меҳнат соҳасидаги қизиқишларини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқотлар олиб бориш;
  • республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг меҳнат ресурслари сони ҳамда таркибини ўрганиш ва такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
  • меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш учун меъёрий базани яратиш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилишга тааллуқли ҳужжатларнинг ишлаб ва қайта кўриб чиқишни ҳамда иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишда илмий-услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;
  • ходимларининг умумий сони 100 киши ва ундан кўп бўлган ташкилотлар иш ўринларининг меҳнат шароитлари юзасидан аттестация ўтказиш сифатини ўрганиш ва дастлабки баҳони бериш;
  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизими фаолият йўналишлари бўйича раҳбар ходимлари ва мутахассис кадрларининг малакасини ошириш;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш курсларини ташкил этиш;
  • меҳнат, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда меҳнат муносабатлари масалалари юзасидан махсус социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш.

Илмий марказда қуйидаги асосий бўлимлар фаолият юритади:

  • Меҳнат бозори, бандлик ва меҳнат миграцияси масалалари бўлими
  • Меҳнатни ташкил этиш, регламентлаш, нормалаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари бўлими
  • Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат жараёнлари омиллари лабораторияси
  • Давлат мақсадли дастурлари билан ишлаш ва ҳудудий меҳнат бозорларини мониторинг қилиш бўлими
  • Меҳнат ресурслари ва демографик кўрсаткичлар истиқболларини белгилаш лабораторияси
  • Малакавий имтиҳонларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бўлими
  • Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курси
Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.