Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

Карантин ҳолатидан келиб чиққан саволларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов жавоб берди

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий миқёсда тиббий карантин жорий қилинди. Шу боис, барча турдаги ташкилотлар ва ишчи-хизматчиларнинг ўзаро меҳнат муносабатларида қатор саволлар пайдо бўлди. Барча транспорт алоқаларининг тўхтатилиши боис, қиш мавсумида хориждан ватанга қайтган меҳнат муҳожирлари мамлакат ичкарисидаги ишсизлар сафини кенгайтирди.

Карантин чораси Ўзбекистонда биринчи марта қўлланилмоқда. Шунинг учун ҳам жуда кўплаб саволлар пайдо бўлди: бу давлат ташкилотларида ҳам, тадбиркорлар томонидан ҳам бўляпти. Вазирликнинг ишонч телефонларига, сайтига айнан карантин вақтида меҳнат муносабатларини қандай шакллантириш бўйича жуда ҳам кўплаб саволлар бўлди. Президентимиз касалликнинг иқтисодиётга салбий таъсирларини камайтириш чора-тадбирлари бўйича фармони қабул қилди.

Мазкур фармонда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор енгилликлар ва тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Республикадаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ва олий таълим муассасаларида карантин эълон қилинди ва фарзандларимиз уйда ўтиришига тўғри келмоқда. Кимнингдир уйида фарзандларга қаровчиси бор, кимдадир йўқ, отаси ёки онасидан бири бирга бўлиши керак. Ушбу фармон орқали, меҳнат қонунчилиги талабларидан келиб чиққан ҳолда яна бир имконият берилдики, боғча тарбияси ёшида бўлган ёхуд умумтаълим ўрта мактабнинг 1-4 синфларида ўқийдиган фарзандларнинг ё отаси, ёки онаси бўлмаса, васийига меҳнат таътили берилади.

Ҳар бир идора-ташкилотлар, пенсия ёшидаги кекса ишчилар, ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бор ёхуд ишлай оладиган аммо сурункали хасталиги бор ходимлари бўлса, уларга масофадан ишлаш ёки қисқа муддатли ишлаш имкониятларини ятақдим этишлари зарурлиги фармонда белгилаб ўтилди. Бу ҳам ходимларнинг ўз соғлиқларини сақлашларига ижобий таъсир кўрсатади.

Президент фармонида мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат таътили бериш тартиби қўлланилиши белгилаб ўтилган.

Бу бўйича ҳам ишонч телефонимизга кўплаб мурожаатлар тушаётганди. Чунки, карантинга олинган фуқаролар 14 кун махсус сақланиш жойларида бўлиши белгилаб ўтилган. Фармонда белгиланганидек, карантинга олинган фуқаро ишловчи бўлса, унга касаллик варақаси берилади. У бўйича эса, иш ҳақининг 100 фоизи тўлаб берилиши назарда тутилди.

Амалиётда, ходимнинг иш стажидан келиб чиққан ҳолда касаллик варақаси бўйича иш ҳақи 60-80 фоизни ташкил этган. Лекин, карантин вақтида оиланинг бирор ишловчи аъзоси, ёки 14 ёшгача бўлган фарзанди карантинга олинган тақдирда, унга қаровчиси ишлайдиган бўлса, унга ҳам касаллик варақаси расмийлаштирилади ва иш ҳақининг 100 фоизи тўланади.

Меҳнат кодексига кўра, ходимнинг розилиги билан иш ҳақи сақланмаган таътил бериш мумкин. Ходим, истаса, ўз аризасига биноан, таътил пули тўланмайдиган таътилга чиқиши, ёки меҳнат таътили тақвими бўйича таътилга чиқиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, карантин муносабати билан таътилга чиқарилиши ҳам мумкин. Сўнгги ҳолатда иш ҳақи 100 фоиз сақланиб қолиниши президент фармонида белгилаб берилган.

Бу масала ҳақиқатдан ҳам долзарб тус олди. Сабаби, қўшни мамлакатларимиз Қозоғистон ва Россия ўз чегараларини ёпди, меҳнат муҳожирларимизнинг ушбу давлатларга кетиш мавсуми эди. Уларни иш билан таъминлаш керак.

«Обод қишлоқ», «Обод марказ» ва «Обод маҳалла» дастурлари қабул қилинган бўлиб, уларни март ойидан бошлаб амалга ошириш, бу ишларга кўплаб фуқароларни жалб қилиш назарда тутилган. Рақамларда айтадиган бўлсак, март-апрел ойларида жамоат ишларига 26 минг кишини жалб қилишимиз, уларнинг ишларини молиялаштириш учун айни жамғармадан 19 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган эди.

Президент фармони билан мана шу ойларда бу маблағларни икки ярим баравардан ортиққа ошириб, 70 мингдан ортиқ фуқарони жамоатчилик ишларига жалб қилиш, бу мақсадга қарийб 60 млрд сўм маблағ йўналтириш имконияти берилди.

Бундан ташқари, аксарият фуқароларимиз вилоятлар, туманлар қишлоқларида истиқомат қилишади. Ўша ҳудудларда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда хоҳиш билдирган фуқарога 20 сотихдан ер ажратилиб, кооператив усулда хўжалик бирлашма ташкил этилади. Бирлашма аъзолари ишсиз, банд бўлмаган аҳоли таркибидан танлаб олинади ва уларга жамғарма ҳисобидан 2 млн 300 минг миқдорида субсидия бериш механизми ҳам бор. Мазкур фармон билан ушбу субсидия миқдорини 2-3 баравар ошириш имкони яратилди.

Шу билан бирга, кўплаб фуқароларимиз ўзларининг шахсий томорқаларида фаолият олиб боришлари учун субсидия бериш имкониятимиз ҳам бор.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жойлардаги бўлимлари билан биргаликда маҳаллама-маҳалла юриб, шундай фуқароларнинг рўйхатини тузиб, уларга юқоридаги хизматлар таклиф қилинмоқда. Бу жараён бошланган, президент фармони эса, бу жараённи янада жадаллаштирди.

Яна бир йўналиш бор, вазирлигимиз ҳузуридаги жамғарма орқали 3та банкдан оилавий тадбиркорлик йўналишида маблағлар тақдим этиш. Ахир, меҳнат муҳожирлигида ишлаб юрган, аммо бугунги кунда Ўзбекистонда бўлганларнинг айримларида тадбиркорлик билан шуғулланиш борасида қандайдир ғояси, режаси бўлиши мумкин. Улар шуни амалга оширишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, президент фармонининг яна бир ижобий томони шундаки, ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун қўшимча маблағлар ажратиш кўзда тутилган. Бу йил бошида тасдиқланган инвестицион дастурларга қўшимча равишда, вилоятлар, чекка туманлардаги мактабгача таълим муассасалари, ўрта умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш бўйича янги қўшимча дастур қабул қилинди. Бу каби қурилиш объектларига ҳам жойлардаги ишсиз, банд бўлмаган фуқароларни жалб қилиш назарда тутилган.

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.